Фаннинг мақсади – давлат ва жамият бошқаруви масалалари бўйича магистратура тингловчиларида ўзларининг касбий фаолиятларини амалга оширишлари учун зарур бўлган билим, тасаввур, кўникма ва малакаларни шакллантиришдан иборат.

Фаннинг вазифалари Давлат таълим стандартига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, қуйидагиларни ҳал этишга қаратилган:

- давлат ва жамият бошқарувининг ҳуқуқий асослари бўйича билим ҳамда тасаввурларни шакллантириш;

- давлат ва жамият бошқаруви жараёнида юзага келадиган масалаларни таҳлил қилиш ва тегишли қарорларни қабул қилиш бўйича кўникма ҳамда малакаларни шакллантириш;

- таълим беришнинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда тингловчиларнинг таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантириш;

- аниқ муаммоларнинг ҳуқуқий ечимини топиш ва тегишли қарорларни қабул қилиш бўйича кўникмаларни ҳосил қилиш.

“Давлат ва жамият бошқарувининг ҳуқуқий асослари” фани ўқув дастури таълимнинг замонавий шакллари ва усуллари ҳисобга олинган ҳолда тузилган бўлиб, бўлажак раҳбар кадрларда тизимли ва таҳлилий фикрлаш, давлатни бошқаришдаги профессионализм, ўзгаришларга самарали мослашувчанлик каби компетенцияларни ривожлантиришга хизмат қилади.